Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 2015 йил 17 июлдаги Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги ПҚ-2371 сонли қарори асосида Республикамизнинг барча ҳудудларида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Ўзбекистон ўз вақтида собиқ мустабид тузумнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан, бир ёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан бутунлай воз кечиб, машҳур беш тамойилга асосланган ўз тараққиёт йўлини қатъий танлаб олди ва дунёда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ушбу ривожланиш стратегиясининг реал натижаларини аниқ таҳлиллар орқали очиб берди.
Юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, узоқ ва яқин атрофимиздаги давлатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш — бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканига алоҳида аҳамият қаратиш лозим.
Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани, хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни эгаллагани, шунингдек, БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, МДҲ мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани ва бошқа мисоллар ёрдамида юртимизнинг барқарор тараққиёт суръатларини теран очиб бериш ва биз қўлга киритаётган бундай юксак натижаларнинг асосий омили ва мезони сифатида биринчи навбатда халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги тобора кучайиб бораётганига алоҳида урғу бериш лозим.
Мустақиллик йилларида республикамизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ифодасини Жиззах вилояти мисолида хам яққол кўриш мумкин. Вилоят аҳли юртимизда рўй бераётган туб ўзгаришлар ва янгиланишларда фаол иштирок этиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватанимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маданий ҳаётимизни янада юксалтиришга муносиб хисса қўшиб келмоқда.
Маълумки, хар қандай мамлакат, ҳудуднинг иқтисодий барқарорлиги унда ишлаб чикариладиган ялпи махсулотнинг хажми, унинг ўсиши билан бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, 2014 йил якуни билан вилоят ялпи ҳудудий махсулот хажми 3,2 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 108,6 фоизга ўсганини кузатамиз. Махсулот ҳажми эса ўтган йилларга нисбатан (мисол учун 2007 йилга) 4 баробарга кўпайган.
Сўнгги 7 йил давомида қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам катта ижобий ўзгаришлар бўлди. Бу ислоҳотларга жами 91,8 млрд. сўм маблағ сарфланиб, 1300 та, жумладан, 283 та қорамолчилик, 406 та паррандачилик, 274 та балиқчилик, 437 та асаларичилик йўналишида лойиҳалар амалга оширилди. Уларга тижорат банклари томонидан 250 млрд. сўм микдорда кредит маблағлари ажратилди. Бу эса 3296 та янги иш ўринлари ташкил этиш имконини берди.
Вилоятнинг мева-сабзавотчилик махсулотларини етиштиришга қулай бўлган Бахмал ва Ғаллаорол туманларини озиқ-овқат махсулотлари етиштиришга ихтисослашган туманларга айлантирилганлиги, Ғаллаорол туманида 5001 гектар, Бахмал туманида 4166 гектар, Янгиобод туманида
2202 гектар ғалла майдонлари қисқартирилиб, 1727 гектар сабзавот, 235 гектар полиз, 793 гектар картошка, 638 гектар озуқабоп экинлар, 2578 гектар боғ, 5398 гектар токзорлар барпо этилди.
Вилоятда ҳудудий инвестиция дастури доирасида кейинги 7 йил давомида жами 53,4 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Уларнинг ҳисобига вилоятда 23 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар барпо этилиб, қурилиш бўёғи, мармар тош, калава ип, пойабзал, қурилиш материаллари, гилам ва гилам махсулотлари, ўсимлик ёғи, ковулни кайта ишлаш, полимер материаллари каби янги турдаги махсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Хорижий корхоналар бунёд этилиши ҳисобига қарийб 1547 та қўшимча янги иш ўринлари яратилди. Биргина 2014 йилда 101,2 млн. долларлик махсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Ушбу экспортнинг 46,3 млн. доллари ёки 45,7 фоизини ҳудудий экспорт ташкил этади. Бу кўрсаткич 2007 йилга нисбатан таққосланганда 6,3 баробарга кўпайгани кузатилади.
Бундай ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида махсулотлар турларининг ҳам кўпайишига сабаб бўлди. Агар, 2007 йилда 12 та ҳудудий корхоналар томонидан 7 турдаги махсулот экспорт қилинган бўлса, 2014 йилга келиб,
25 та ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 16 турдаги махсулотлар экспорти йўлга қўйилди. Олтингугурт, жун, гилам, трикотаж махсулотлари шулар жумласидандир.
Мухтасар қилиб айтганда, вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий соханинг барча жабхаларида фаол ривожланиш йўлидан бормоқда.
Ҳусниддин Шарипов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилояти Кенгаши раиси ўринбосари
The post Истиқлол ислоҳотларининг Жиззахдаги акси appeared first on Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси.