Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилоят кенгашининг навбатдаги Пленумида 2015 йилда эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган хато ва камчиликлар атрофлича таҳлил этилди.
Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида вилоят партия ташкилоти фаолиятида муайян ютуқларга эришилди. Бу асосан ташкилий-партиявий ишларда, тарғибот-ташвиқот тадбирлари кенг қамров касб этаётгани ва ижтимоий ҳамкорлик асосида қилинаётган ишларда ўз аксини топди.
Мафкуравий йўналишда ўтказилган тадбирлар мониторинги юритилиб, улар асосида маҳаллий ташкилотларнинг фаолияти мувофиқлаштирилиб борилди. Ўтган йилда партия томонидан турли йўналишларда 350 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, уларда ўн бир минг нафардан зиёд фуқаролар қатнашди.
Партия Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда бошланғич партия ташкилотларининг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. БПТлар фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ўзгартириш борасида қилинадиган ишлар кўп. Бу борада БПТлар учун партиявий-сиёсий ўқувларнинг самарасини ошириш, зарур тарғибот-ташвиқот материаллари билан доимий таъминлаш орқали фуқароларнинг партия ғояларига қизиқиши ортишига эришиш мумкин. Пленумда маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳлари билан қуйи ташкилотларнинг алоқаларини кучайтириш, ягона сиёсий платформада туриб, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ифодалаган амалий ишлари, изланувчанлиги, интеллектуал салоҳиятини намоён этиш орқали аҳоли ўртасида партия ғояларининг халқчил моҳиятини кенг тушунтиришлари лозимлиги таъкидланди.
Иштирокчилар эришилган ютуқлар билан бирга фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар хусусида атрофлича фикр юритдилар.
— Айрим ҳудудларда аҳоли қатламлари билан олиб борилган тадбирлар сони ва сифатини ҳали ҳам талаб даражасида деб бўлмайди, — деди вилоят партия кенгаши раиси Рустам Тўйчиев. — Арнасой, Дўстлик, Зарбдор, Зомин ва Пахтакор туманлари кенгашларининг фаолиятини талаб даражасига кўтариш зарур.
Пленумда туман ва шаҳар партия кенгашлари иш услуби, шакл ва формаларини янгилаш, партия аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини кучайтиришга доир таклифлар ўртага ташланиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қайд этилганидек, бу борада иш режаларини қайта кўриб чиқиш, тарғибот-ташвиқот фаолиятини аниқ манзилли режалар билан бойитиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва кадрлар масъулиятини ошириш зарур.
Мажлисда маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳларининг фаолияти танқидий нуқтаи назардан муҳокама этилиб, депутатлар ўз ваколатларидан унумли фойдаланмаётгани, ҳисобот даврида етарли даражада ташаббус кўрсатмаганлиги жиддий танқид қилинди. Улар сайловчилар билан ишлаш тажрибаларини ошириши, долзарб масалаларни ҳал этишда ташаббускор бўлишлари лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Пленумда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Пленум ишида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов иштирок этди.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Adolat” мухбири
The post Таҳлил ва хулосалар appeared first on Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси.